Қирғизистонда давлат ва муниципал хизматчиларни нафақат даромадлар ҳақида, балки барча сарф-харажатлар ҳақида ҳисобот беришга мажбурлаб қўймоқчилар. Қонунга киритиладиган тегишли тузатишлар парламентга кўриб чиқиш учун топширилди.

Асослаш маълумотномасига кўра, декларацияда декларант ва унинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилган барча сарф-харажатлар, уларга ишлатилган маблағларнинг келиб чиқиш, жумладан хориждаги манбалари кўрсатилади. “Кўрсатилган чоралар коррупциянинг олдини олиш учун самарали инструментлардан бири бўлади”, деб таъкидланмоқда давлат кадрлари хизматида.

Ушбу ҳужжат Қирғизистон Республикасининг “Сиёсий, махсус давлат ва муниципал сиёсий лавозимларни эгаллаган шахсларнинг даромадлари, харажатлари, мажбуриятлари ва мол-мулкини декларация қилиш ҳақидаги” қонунни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.