Германиядан қочқинларнинг чиқариб юборилиши ҳолатлари бу йилда 2014 йилдагига қараганда 3 баробар ортган. Бу ҳақда Der Spiegel хабар тарқатди.

Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2015 йилнинг бошидан буён ноябрь ойи охиригача мамлакатга келган қочқинларнинг 18 минг нафардан ортиғи ортга қайтариб юборилган. Қайд этилишича, Бавария ерида 2015 йилнинг 11 ойи давомида бошпана сўраб келганлардан 3,6 минг нафари орқага қайтарилган. Ўтган йилда бу ҳудуддаги кўрсаткичлар 1 мингдан ортиқни ташкил қилганди.

Гессен ерида эса 2,3 минг нафардан ортиқ қочқин депортация қилинган. Бу эса ўтган йилдагидан 2 баробар кўпроқ.

Фақатгина Тюрингия ерида бу борада ўсиш эмас, пасайиш кузатилди (152 нафарга).

Мақола муаллифининг ёзишича, мамлакатда қочқинлар миқдорини камайтириш учун қатъий чоралар кўрилди. Нашрнинг ёзишича, ўтган вақт давомида Германияга 1 миллиондан ортиқ қочқин кириб келди.

Бундан олдинроқ, Гармания канцлери Ангела Меркель мамлакатга қочқинлар кириб келиши миқдори кескин камайтирилиши ҳақида маълум қилганди.