“Толибон” гуруҳи жангарилари 21 декабрга ўтар кечаси Афғонистон жанубида, Ғилмон вилоятининг Сангин туманини эгаллаб олди. Бу ҳақда РИА Новости Хитойнинг Синхуа агентлигига асосланиб хабар берди.

“Тунда, ҳукумат қўшинлари билан бўлиб ўтган шафқатсиз жанглардан кейин "Толибон" шаҳар марказидаги маъмурият биносини эгаллаб олди”, — деб хабар берган вазият билан таниш бўлган маҳаллий фуқаро.

Ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳукумат қўшинларида тунги жанг вақтида қурол-аслаҳа етишмовчилиги ва ҳаво ҳарбий кучлари ёрдамига катта эҳтиёж бўлган.

Ўтган ҳафтанинг жума куни ҳам Афғонистоннинг Ғилмон вилоятининг Ханшин туманида ҳукумат қўшинлари ва “Толибон” орасида жанглар бўлиб ўтганди.

Афғонистондаги вазият охирги ойларда анчагина ёмонлашган. Аввал мамлакатнинг тоғли ҳудудларида каттагина ерларни эгаллаб олган “Толибон” йирик шаҳарларга ҳужум қилишни бошлаган. Сентябрь охирида “Толибон” жангарилари 300 мингдан кўпроқ аҳолига эга Қундуз шаҳрини босиб олган, ҳозирда эса Ғазна вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Ғазна шаҳрига ҳужумлар олиб бормоқда.