Хитойнинг жанубидаги Гуандун вилоятидаги Шэньчжэнь шаҳрида юз берган кўчки оқибатида бедарак йўқолганлар сони 90 нафардан ошди. Бу ҳақда Рейтер ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Айни вақтда 59 нафар эркак ва 32 нафар аёлни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Қутқарув ишларига 500 нафар ўт ўчирувчи ва 30 дан ортиқ исковуч итлар жалб қилинган.

Улар тупроқ ва лой остидан 14 кишини қутқариб олишган. Воқеа жойидан 900 нафардан ортиқ киши кўчирилган.

Бундан олдинги хабарларда бедарак кетганлар сони 59 нафарлиги айтилганди.

Агентликнинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, кўчки остида 33та уй қолиб кетган.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин жабрланувчиларга барча керакли ёрдамлар кўрсатилиши бўйича кўрсатма берган.

Хитой бош вазири Ли Кэцян Шэньчжэнь шаҳрига ушбу ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича текширув бошлаш учун махсус гуруҳни жўнатган.