Яманда ўт очишни тўхтатиш тартиби хусийчилар ҳам унга амал қилиши шарти билан бир ҳафтага узайтирилди. Бу ҳақда Яман ташқи ишлар вазири Абдулмалик ал-Махлафий Яман бўйича тинчлик музокаралари бўлиб ўтган Швейцарияда маълум қилди.

Қарама-қарши томонлар вакиллари 2016 йилнинг 14 январида музокараларни давом эттириш учун яна учрашишга келишиб олдилар. Музокаралар ўтказиладиган жой ҳозирча белгиланмади.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг амал қилиши бошланиши БМТ томонидан қўллаб-қувватланаётган тинчлик музокаралари бошланган кун – 15 декабрга тўғри келди.

Саудия Арабистони ва хусийчилар бир-бирларини ўт очишни тўхтатиш тартибини кўплаб марта бузганликда айблаётган бўлсалар ҳам, ярашув қарама-қаршилик даражасини анчагина пасайтирди ва жанговор ҳаракатлар ҳудудига оз миқдорда бўлса ҳам гуманитар ёрдам етказиш имконини берди.