2016 йилда “ЎзАгроИмпорт” компанияси Россия, Беларусь ва Қозоғистонга 2 млн тонна маҳсулот (сабзавот, мева, қуруқ мевалар ва компот аралашмалари, ёнғоқлар) етказиб беришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон аграр тармоғининг маҳсулотини Россияга бевосита экспорт қилиш билан шуғулланувчи “ЎзАгроИмпорт” компанияси Москвада жорий йилнинг июнида рўйхатдан ўтган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда охирги 5 йил ичида полиз-сабзавот ўсимликлари ва картошка майдонлари 19 фоизга оширилди, боғ ва узумзорлар майдони эса 11 фоизга кенгайтирилди. Айни пайтда суғориладиган барча қишлоқ хўжалиги ерларининг 20 фоизи мева-сабзавот маҳсулотини етиштириш учун ишлатилади, бу тармоқнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 41 фоиздан кўпроқни, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспортида 43,4 фоизни ташкил қилади. 2015 йилда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 15,5 млн тоннани ташкил қилди. Мева-сабзавот маҳсулоти экспорти охирги 5 йил ичида 400 минг тоннадан 700 минг тоннагача, пул кўринишида эса 18 баробарга ошган.