«Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси Самарқанд филиалидан олинган маълумотларга қараганда, вилоятнинг 36та қишлоқ массивларида 1327 та якка тартибдаги намунавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда «Зарафшон» газетасига таяниб, UZ24 хабар бермоқда.

Жумладан, Оқдарё туманида 272 та, Самарқанд туманида 269 та, Паст Дарғом туманида 150 та, Тайлоқда 120 та, Ургутда 110 та, Иштихонда 75 та, Жомбойда 70 та, Нарпай, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларида 50 тадан, Пахтачида 31 та, Қўшработда 30 та, Нуробод ҳамда Булунғур туманларида 25 тадан уч, тўрт ва беш хонали уйлар қурилади.

Айни кунларда ҳар бир массивнинг бош режаси ишлаб чиқилиб, танлов савдолари ўтказилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан 2016 йил дастурига асосан қурилиши режалаштирилган уй-жойлар учун харидорлардан бошланғич бадаллар йиғилмоқда.

Бундай замонавий уй-жойлар қуриладиган ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, янги хонадон эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида коммуникация тармоқлари, спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари бунёд этилади. Уйлар таркибидан даҳлиз, меҳмонхона, ёзги айвон, ошхона, ҳаммом, катталар ва болалар учун ётоқхона жой эгаллайди. Ҳовлида эса хонадон соҳиблари учун керакли барча шарт-шароитлар муҳайё қилинади. Мукаммал лойиҳа асосида бунёд этилган уйлар жой эгаллаган кўчаларда гулзорлар, равон йўллар барпо этилади, манзарали дарахтлар ўтқазилади, тунги ёритгичлар ўрнатилади.

Маълумот учун, 2015 йил вилоятнинг 37 массивида намунавий лойиҳалар асосида 1235 та уй-жойлар қурилиши белгиланган. Айни кунларда мазкур уй-жойларнинг аксарияти ўз эгаларига топширилиб, айримларида ишларни йил охиригача якунлаш мақсадида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.