Ироқ армияси 22 декабрь куни Анбар вилояти маркази Рамади шаҳрини ИШИД қўлидан озод қилиш бўйича кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. Бу ҳақда Ироқ хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланган ҳолда Agence France-Presse агентлиги хабар тарқатган.

"Биз Рамади шаҳрига бир неча йўллардан кириб, туманларни жангарилардан тозалашни бошладик", дея маълум қилади манба.

20 декабрь куни Ироқ ҳарбийлари мамлакат Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари орқали Рамади шаҳри устидан варақалар сочган ва аҳолини кейинги 3 кун давомида шаҳардан чиқиб кетишга чақирганди.

"Аль-Джазира" телеканалининг билдиришича, ИШИДга қарши амалиёт шаҳарда ҳали ҳам тинч аҳоли вакиллари борлиги учун қийинчилик билан олиб борилмоқда.