Левандовски Мюнхеннинг "Бавария" клубидан Мадриднинг "Реал" жамоаси сафига ўтиш эҳтимоли жуда катта сўроқ остида қолмоқда. AS нашри тарқатган хабарга кўра, "Реал"нинг собиқ мураббийи ва "Бавария"ни янги мавсумда бошқара бошлайдиган мутахассис Карло Анчелотти мюнхенликлар раҳбарияти билан шартнома тузишдан аввал уларга жамоанинг асосий ҳужумчиси, польшалик Роберт Левандовскини "Реал"га сотмаслик шартини қўйган.

Эслатиб ўтамиз, матбуотда бир неча марта "Реал"нинг Левандовскини сотиб олиши ҳақида хабарлар берилганди.

27 ёшли футболчининг ўзи эса бундай хабарларга изоҳ бермаган.

Маълумот учун, жорий мавсумда Левандовски бундеслиганинг 16 ўйинида майдонга тушиб, 15та гол урди. У шунингдек, "Бавария" учун ЕЧЛ гуруҳ баҳсларида 7та гол урган.