2015 йил бошидан буён Европага Ўрта Ер денгизи орқали қарийб 1 миллион муҳожир кириб келган бўлиб, улардан 500 мингдан кўпроғи сурияликлардир. Бу ҳақда БМТ қочқинлар иши бўйича Олий комиссари Антонио Гутерреш маълум қилган.

Муҳожирлик бўйича халқаро ташкилот хабарига кўра ҳам 2015 йил бошидан буён Европага миллиондан ортиқ муҳожир кириб келган.

Гутеррешнинг таъкидлашича, 1200 нафар суриялик муҳожирлар ўртасида ўтказилган сўров натижасида, уларнинг 86 фоизи ўрта маълумотга эгалиги, қарийб ярми олий маълумотли эканлиги маълум бўлган. Бу эса келгусида Сурияни қайта тиклашда қандай жиддий муаммоларни келтириб чиқаришидан далолат бераётганини англатади.

Жаҳон банки маълумотига кўра, айни вақтда Иордания ва Ливан ҳудудидаги суриялик қочқинларнинг 90 фоизи қашшоқлик шароитида яшамоқда.

"Турли сабабларга кўра уларга иш топилмайди. Қочқин оилалар фарзандларининг ярмидан ортиғи мактаб таълимисиз ўсмоқда", дейди Гуттереш.

"Суриялик қочқинларнинг аксариятида ҳеч қандай ҳужжат йўқ, улар рўйхатдан ҳам ўтишмаган. Улар айни пайтда жуда қалтис аҳволда. Минглаб суриялик болалар келажакда фуқароликсиз қолиши мумкин.

Бегона юртда расман ишга жойлашиш имкониятидан маҳрум қочқинларнинг аҳволи ниҳоятда заиф. Улар бошқа давлатлардан кўрсатиладиган гуманитар ёрдамга қараб қолишган. Ўз оиласини боқиш учун қарз олишдан бошқа чоралари йўқ.

Ҳозирги шароитда Сурия оилаларида тарбия топаётган болаларнинг ярми мактабга боради. Кўплаб мурғак қалблар иш қидиришга мажбур, қиз болалар эса эрта турмушга берилмоқда. Бу кетишда, Суриялик оилаларда вояга етаётган минглаб болалар келажакда фуқароликсиз қолишлари мумкин”, дейди Гутерреш.

Гуманитар масалалари бўйича БМТ Бош котиби ёрдамчиси Кюнг-ва Канг фикрича, Сурия аҳолисининг ярмидан кўпи мамлакатдаги можаро туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. 6 миллионга яқин киши мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчишга мажбур бўлган бўлса, 4 миллион кишининг мамлакатдан қочишдан ўзга иложи қолмаган.