Кувайтлик депутат парламент йиғилиши вақтида вафот этди

Жаҳон 22 Декабрь 2015 5013

22 декабрь куни Кувайт парламентида бўлаётган йиғилиш вақтида депутатлардан бири вафот этди. Бу ҳақда Al-Bawaba News хабар бермоқда. Ўлим сабаби ҳозирча маълум қилингани йўқ.

Миллий кенгаш депутати Набил ал-Фадҳилнинг ҳамкасблари аввалига уни ҳушдан кетди, деб ўйлашди. Улар шифокорларни чақиришди, йиғилишда танаффус эълон қилинди. Етиб келган шифокорлар эса сиёсатчининг ўлимини қайд этишди.

Шундан сўнг депутатлардан бири Ҳалил Абдалла ал-Фадҳилнинг курсисига Кувайт байроғини ўрнатиб қўйди.

Набил ал-Фадҳил исломлашувга қарши курашиши билан танилган эди. Жумладан, у “Мусулмон биродарлар”ни террористик ташкилотлар рўйхатига киритишни талаб қилиб чиққан эди. Шунингдек, сузиш ҳавзаларида аёлларга чўмилиш либосларида юриш тақиқланса, истеъфога чиқишини маълум қилган, алкогол ичимликлари истеъмолини қонунийлаштириш ва концерт дастурларида рақс тушишга ижозат берилишини таклиф этган.

Кўпроқ янгиликлар