Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан муносабатлар Европа Иттифоқи учун устувор ҳисобланади. Бу ҳақда 21 декабрда “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида ЕИнинг хорижий ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини айтиб ўтди.

“Биз узоқ ҳамкорлик ва ўзаро муносабатлар тарихига эгамиз, бироқ ҳозирда ЕИ учун Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан ўзаро муносабатлар устувор ҳисобланади”, деб айтди Могерини. У ўтган ёзда Марказий Осиё билан ишлашнинг ягона стратегияси қабул қилинганини эслатиб ўтди. “Биз учун ҳамкорлик руҳида биргаликда ишлаш минтақадаги барча чақириқлар ва бизда бор имкониятларни ҳисобга олган ҳолда жуда муҳим ҳисобланади. Ўртамиздаги ҳамкорлик жуда қулай ва барча одамларимиз, минтақа ва умуман дунё учун фойдали бўлишини инобатга олиш муҳим”, деб айтди Могерини. 

Остонада бўлиб ўтаётган музокараларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари, Тожикистон ва Туркманистондан эса ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари иштирок этмоқда.

Европа Иттифоқининг 2014-2020 йилларда Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликка қаратилган бюджети 1,068 млн еврогача оширилган. Бу 2007-2013 йилларда ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағдан 56 фоиз кўпроқни ташкил қилади.