АҚШ Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашни ва бу мамлакатда террорчилик хавфига қарши курашишни давом эттиради. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнестнинг баёнотида айтилмоқда. Бу баёнот Баграм авиабазаси яқинида 6 нафар америкалик ҳарбийнинг экстремистлар қўлидан ҳалок бўлгани билан боғлиқ ҳолда тарқатилган.

“Биз аввалгидек Афғонистон халқи ва ҳукуматини қўллаб-қувватламоқчимиз. Биз улар билан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида ишлашни бу ҳудудда террорчилик хавфига қарши кураш бўйича миссиямиздан воз кечмаган ҳолда давом эттирамиз”, дейилмоқда хабарда. Оқ уй ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдирди.

Ҳарбийлар Баграм авиабазасидан ташқари ҳудудни назорат қилаётганларида қўлбола портловчи қурилма билан жиҳозланган транспорт воситаси портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар.