Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон йўналиши бўйича янги темир йўл қурилиши 2016 йилда бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев «Биринчи радио» радиоканалига берган интервьюси чоғида маълум қилган, деб ёзмоқда мамлакат Ҳукумати расмий сайти.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл йўналиши қурилиши бизга денгизга чиқиш имкониятини яратади. Ҳозирги вақтда мазкур лойиҳа Хитой томонидан кўриб чиқилмоқда. ХХР мазкур лойиҳани қисқа муддатда фойдаланишга топширилиши учун барча мавжуд имкониятларни ишга солишини билдирган»,- дейди Темир Сариев.

Унинг сўзларига кўра, Хитойдаги тезюрар поездлар мамлакатдаги деярли барча ҳудудларни ўзаро боғлаб туради.

«Темир йўл қурилиши бизга иқтисодиётимизнинг ўсиши учун туртки бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари лойиҳа ичида мазкур лойиҳага алоқадор инфраструктура объектларини қуриш режалаштирилган», – дея таъкидлади ҳукумат раҳбари.

Темир Сариевнинг қайд этишича, мазкур лойиҳаларнинг барчаси Буюк Ипак йўлининг иқтисодий йўналиши дастури асосида амалга оширилмоқда.

«Агар темир йўл қурилиши лойиҳаси ўз вақтида фойдаланишга топширилса, тез орада Қирғизистон орқали транзит йўли билан йилига 15-20 млн тонна юк ташиб ўтилади. Кейинчалик мазкур темир йўл йўналишини Эронга қадар узайтириш режалаштирилган», – дея қўшимча қилиб ўтган Темир Сариев.