Покистон шимоли-ғарбидаги Хайбер-Пахтунхва провинциясида жойлашган болалар шифохонасида газ баллони портлаши оқибатида энг камида 19 киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Синьхуа агентлиги маҳаллий ОАВ маълумотларига асосланган ҳолда.

Ҳодиса сешанба, 22 декабрь куни тонгда содир бўлган. Маҳаллий телеканал маълумотига кўра, портлаш оқибатида ушбу муассасада даволанаётган етти бола, бу ерга келган саккиз киши ва тиббиёт масканининг тўрт ходими жароҳат олган. Барча жабрланганлар даволашга йўналтирилган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Шифохона вакилининг айтишича, портлаш шифохонанинг болалар бўлимидаги баллондан кислород сизиб чиқиши натижасида юзага келган. Бироқ полиция ҳодиса террористик ёки криминалистик мақсадда амалга оширилган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этаётгани йўқ.