21 декабрь куни Остонадаги Ҳукумат уйида Қозоғистон бош вазири Карим Масимов Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Масимовнинг расмий сайти орқали хабар қилинди.

Учрашув чоғида икки томонлама шерикчилик ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар, инвестицион, молиявий ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунларига кўра Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов Могерини хоним билан Қозоғистон ва ЕИ ўртасидаги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолашди.

Могерини хоним Остонага “ЕИ-Марказий Осиё” форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этиш учун ташриф буюрган эди. Остонада кечган учрашувда кенг миқёсдаги ташқи сиёсий масалалар муҳокама қилинди.

Кун тартибида ЕИ ва Марказий Осиё давлатларининг алоқалари, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, миграция, чегаралар сингари мавзулар бўлди. Иштирокчилар ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси, иқлим ўзгариши ва бошқа масалаларда фикр алмашишди.