Рустам Саъдиев: “Барон”нинг ўзбек киносини танқиддан қутқаришини хоҳлайман (интервью)

Маданият 22 Декабрь 2015 22628

2002 йилда “Муҳаббат синовлари” фильми экран юзини кўрганида, ўзбек кино санъати тарихида туб бурилиш ясалган эди. Боиси мазкур картина Ўзбекистонда хусусий фильмларнинг жадал ривожланишига туртки бўлди. Шундан сўнг хусусий сектор томонидан тасвирга олинган кўплаб бадиий фильмлар томошабинлар эътиборига ҳавола этила бошланди. Қайсидир бири муваффақиятга эришган бўлса, айримлари турли эътирозларга сабаб бўлди ҳам. Бироқ бугунги кунга келиб бу соҳада жиддий оқсашлар кузатилмоқда. Ҳар жиҳатдан савиясиз, саёз, енгил-елпи ва бир хил мавзудаги фильмлар томошабинларнинг меъдасига тегиб бўлди. Оқибатда кинозаллар аввалгидек гавжум, кинолар эса катта шов-шувларга сабаб бўлмай қўйди. Ана шундай мураккаб шароитда “Муҳаббат синовлари” режиссёри Рустам Саъдиев яна бир сенсацион ишни амалга оширди – Голливуд ва Россиянинг таниқли актёрларини жалб қилган ҳолда “Барон” деб номланган янги картинани суратга олди. Режиссёр билан бўлиб ўтган суҳбатимиз мазкур фильм, бугунги кундаги ўзбек кино санъатининг аҳволи ва бошқа мавзуларда бўлди.

— Рустам ака, суҳбатимизни бугунги ўзбек киносидаги вазият ҳақидаги мулоҳазалардан бошласак. Ўзингизга маълум, бугун тасвирга олинаётган киноларнинг аксарияти томошабинлар кўнглини тўлдираётгани йўқ. Бунга сабаб нима? Ўзбек кино санъатига нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

— Ҳақиқатдан ҳам, экранларда йилдан-йилга, керак бўлса ойдан-ойга томошабинлар камайиб кетмоқда. Бу нарса мени режиссёр, мутахассис сифатида хавотирга солади. Чунки бутун дунёда кино – санъатнинг энг оммалашган тури ҳисобланади. Бизда ҳам худди шундай бўлиб келаётган эди. Лекин яқин икки-уч йилда пастга қараб кетди. Нимага? Чунки ҳақиқий кино олиш йўқолиб қолди. Кинода шаклланиш пайдо бўлаётгандай туюлди: жанрлардан жанрларга ўтиш. Лекин энг асосий йўл қўйиб берилган хато – хоҳлаган одамнинг кино суратга олгани сабаб бўлди, деб ўйлайман. Томошабин ҳам эркаланиб кетди ва уларнинг меъдасига тегиб қўйдик. Чунки охирги пайтда омма, яъни жамият, ёшлар, келажак авлод онгини заифлаштирадиган фильмлар кўпайиб кетди назаримда. Чунки кўпчилик орасида ўтириб қолсам “нимага киноларимиз айниб кетди, нега ҳамма жойни бачкана кинолар босиб кетди”, деб сўрайдиган бўлиб қолишди. Хусусий сектордан чиқаётган киноларнинг ҳаммаси эмас, аксарият қисми ҳақиқатда ҳам шундай.

Мен ўзимнинг касбимни севаман, унинг мухлисиман. Касбга жон куйдириш керак, боғбон мева бераётган дарахтни вақтида парваришлаб турса, хомток қилиб, тагига сув қуйиб, ишлов бериб турса, дарахт ҳам вақтида мева тугади. Назаримда, кинони дарахт деб тасаввур қилсак, унга шира тушди. Шохлари сина бошлаяпти ўзбек киносининг. Кинога яхши бир ислоҳот керак. Биринчи навбатда, тартиб керак бўлиб қолди.

— Янги суратга олаётган “Барон” фильмингиз ўзига хос шов-шувларга сабаб бўлди. Унда Голливуд актёрининг иштирок этиши, ўзбек киносида янгича услубда, ўзгача жанрда экани айтилмоқда. Ушбу фильм ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Бу психологик драма, драма бўлганда ҳам блокбастер. Жангари йўналишда. Кеча бир журналистга фильмнинг ярим хомаки нусхасини кўрсатгандим. Журналистлар гапга бой бўлишади. Бир гапни айтиб қолди: “Ўзбек киносини танқиддан қутқарадиган кино фильм бўлибди”. Бу гапдан бир томондан хурсанд бўлсанг, бир томондан хафа бўласан. Хафа бўладиган томони, юқорида айтилганидек, ўзбек киноси танқидлар остида қолиб кетган. Шу ҳолатда фильмни суратга олдик. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Наркотикка қарши кураш маркази билан ҳамкорликда бутун ташкилий ишлари олиб борилди. Ўйлайманки, бу фильм яқин 20-25 йил ичида ўзбек киносида биринчи марта бундай кино суратга олиниши. Уни шахсан мен суратга олганим учун айтмаяпман бу гапни. Балки фильмнинг мураккаблиги, ғояси жиҳатидан, ундаги суратга олишдаги эътибордан, картинада қатнашаётган актёрлар, нафақат Ўзбекистон, балки чет элдан ҳам ижодкорлар таклиф қилинди, хориждаги бир қанча шаҳарларда тасвирга олинди. Ушбу фильмнинг ўзбек киноси тараққиётида намуна бўлишини хоҳлайман. Ҳамма соҳада бўлгани каби кино соҳаси ривожига ҳисса қўшган қайси фильмни намуна қилиб кўрсата оласиз, деганда “Барон”ни тилга олишларини истайман режиссёр сифатида. Мен у аслида шундай фильм, десам нокамтарлик қилган бўламан. Аммо бу фильмда ҳамма ҳаракат шунга қаратилган. Ушбу фильм ғоясига келадиган бўлсак, у асосан ҳозирда дунёдаги энг катта уч-муаммонинг бири – наркобизнес ҳақида. Инсониятни сунъий равишда қириб юборишга қаратилган наркобизнесга қарши кураш ҳақида бу фильм.

— Фильм нима учун “Барон” деб номланди?

— Нима учун “Барон” деб номланиши ҳозирча сир. Хоҳлардимки, шу фильмни томоша қилган ҳар бир томошабиннинг ўзи нима сабабдан айнан “Барон” деб номлангани тушуниб етса.
— Маълумотларга кўра, фильмингизда бир қатор Голливуд киноларида кўплаб ролларни ижро этган актёр Ғассон Маъсуд ҳам роль ижро этган. Унинг картинангизга жалб қилинишига сабаб нимада?

— Ғассон Маъсуд – араб миллатига мансуб таниқли суриялик актёр. У Умар Шарифдан кейин араб дунёсининг ҳақиқий кино юлдузи. У араб дунёсининг энг нуфузли киноларида катта ролларни ижро этган. Шу билан биргаликда, ҳозирги кунда Голливуд киносидаги талабгор актёрлардан бирига айланган. У машҳур Ридли Скот, Орландо Блум фильмларида суратга тушган. Ридли Скотнинг “Муқаддас замин”, “Кариб денгизи қароқчилари” каби фильмларда рол ижро этган. Нафақат Ўзбекистон, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари кинематографиясида ҳам бу инсон биринчи марта роль ижро этиши.
— Бундан ташқари, фильмингизда бир қатор таниқли рус актёрлари ҳам суратга тушган экан...

— Ҳа, Россия халқ артисти Андрей Смоляков, Виктор Вержбицкий, Павел Прилучний ва “Бригада” сериалида роль ижро этган Фарҳод Маҳмудовлар ҳам фильмда қатнашди. Лекин биласизми, асосий мақсад актёрларни фильмга жалб қилиб, режиссёр сифатида ўзимга бино қўйиш, ҳамкасбларим, омма олдида мақтаниш бўлмаган. Аксинча, уларни суратга олиб Ўзбекистоннинг гиёҳвандликка қарши ҳақиқий курашини дунёга кўрсатиш, умуман, бизда бундай нарсаларга ўрин йўқ, деган тушунчани нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё кўрсин, фильм географияси кенг бўлсин, деган мақсадда ушбу актёрларни таклиф қилдик.

— Интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео ва фото лавҳалардан кўрдик-ки, фильм анча жиддий жанрда суратга олинган. Шунга яраша барча ролларга муносиб актёрлар танланган. Аммо халқ орасида комедик роллари билан танилган Муҳаммадисо Абдулхайиров ҳам тасвирга олишда қатнашган. Нима, фильмда комедик роль ҳам борми ёки?...

— Йўқ, Муҳаммадисо Абдулхайиров комедик ролларни кўп ўйнаётганига томошабин уни шу ижросида яхшироқ қабул қилгани учун шу жанрда фильм суратга олувчи режиссёрлари ўз картиналарига жалб этишади. Бунинг ёмон томони йўқ. Лекин, ўйлайманки, Муҳаммадисо Абдулхайиров кенг ампулали, серқирра актёр. Унинг имконияти жуда кенг. “Қудуқ” фильмидаги ижросини мисол қилиб келтирса бўлади. Бу фильмдаги ижросини кўриб ҳеч кимнинг юзида кулгу мимикаси пайдо бўлмайди. “Барон”да эса салбий роль ижро этган. Ҳозирча қандай ролда ўйнаганини айтолмайман, лекин ижросидан кўнглим тўлди. Муҳаммадисони анчадан бери биламан. Театрларда спектаклларини кузатганман. Унинг имкониятлари чегараланмаган. Бизда эса фақат комедия жанрларида ундан фойдаланилади холос. Шунинг учун томошабин тасаввурида комедик актёр сифатида шаклланиб қолган. У комедик ролни қандай маҳорат билан ижро этса, жиддийларини ҳам шундай ўйнай олади.

— Бир қатор хусусий фильмларингиз муваффақиятга эришди. Шу билан бирга, давлат буюртмаси асосида ҳам кинолар суратга олгансиз. Масалан, “Сотқин” фильми. Икки сектор орасида қандай фарқ бор?

— Хусусийлардан фарқли равишда, давлат буюртмаси асосида суратга олинувчи фильмларнинг асосий фарқи шундаки, уларнинг бюджети катта ва давлат томонидан молиялаштирилади. Лекин аслида давлат киноси, хусусий кино деган тушунчалар бўлиши керак эмас. Фақат кино тушунчаси бўлиши керак. Хусусий секторда бир йилда олтмишта, етмишта кино олинди, дейилади. Бизга бунча сонли кино керакмас аслида. 10 та, кўпи билан 20 та олинсин, лекин мазмун жиҳатдан яхши, драматургия асослари билан суғорилган асар бўлиши керак. Майли, у битта, иккита хонада олинсин, қандай суратга олинишидан қатъи назар, мутахассис томонидан суратга олиниши тарафдориман. Лекин хусусий секторда хоҳлаган одамнинг кино олишига йўл қўйиб берилди. Масалан, тиббиётда хусусий шифохоналар бор. Нима учун у ер хоҳлаган одамни даволай олмайди? Олти йил-етти йил ўқийди тиббиёт олийгоҳларида. Нимага кинони хоҳлаган одам олавериши керак? Балки кинога ҳам керакли мутахассислислар бўйича мана шундай талаблар қўйилиши керакдир. Кино мутахассислари, ёшлар олдига жиддий талаблар қўйилиши керак бўлган вақт етди, деб ўйлайман.

— Юқорида давлат киноларининг бюджети катта бўлади, дедингиз. Бу бюджет қандай тақсимланади? Тегишли мутасаддилар бюджет тақсимоти, фильмни суратга олиш ишларига қай даражада аралашади?

— Давлат киносида яхши қонун-қоидалар йўлга қўйилган. Фильмнинг бадиий жиҳатдан пишиқ бўлиши учун биринчи навбатда унинг сценарийси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошидаги бадиий кенгаш вакиллари кўриб чиқишади. Кам-кўстларига маслаҳатларини беради. Давлат киносида фақатгина режиссёр ва сценарист эмас, балки уни мутахассислар кўриб, ўз фикрини айтади, драматургия нуқтаи назаридан қайси жойида оқсаш борлигини айтишади. У мутахассислар драматурглар, санъатшунослар, филологлар асарни анча ўрганиб, кичик давра суҳбатида баҳслар ўтказишади, сценарийни пишитишади. Ана ундан кейин фильмнинг ижроси, режиссураси қандай бўлиши яна бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилиб, қандай камчиликларга йўл қўйилгани, нималарга эътибор берилмагани кўриб чиқилиб, шундан сўнг кенг оммага намойиш этилади. Хусусий кинони ҳам “Ўзбеккино”нинг эксперт комиссияси кўриб чиқади. Авваллари бу комиссия яхши ишлар эди. Ҳозир эса бир-неча одам кинонинг у ерини тўғирла, бу ерини тўғирла, деб номига кўриб чиқишади. Асосан бизнинг сиёсатимизга зид томонлари борми-йўқми, шу нарсага эътибор қаратилади. Лекин профессионализм даражаси, бу фильм томошабинга нима беради деган саволни олдига қўйишмаяпти. Қўпол қилиб айтганда, тадбиркор ҳуқуқи деган тушунча билан ёндашилади. Бу санъат асари. Бунда тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқи ўнинчи даражали бўлиши керак.

— Сир бўлмаса, “Барон”нинг бюджети қанчани ташкил этди? Одатда давлат буюртмаси асосида суратга олинаётган фильмларга қанча маблағ ажратилади?

— Аслида фильмнинг бюджети унинг сценарийси, мураккаблигидан келиб чиқиб шакллантирилади. Бу фильм мураккаб пастоновкали бўлгани учун унинг бюджети бошқа давлат фильмларига қараганда нисбатан кўпроқ. Одатда давлат фильмларига ўртача 600-700 миллион сўм ажратилса, “Барон”нинг умумий бюджети 1,5 миллиард сўм атрофида бўлди.

Бу фильм 5.1-каналли Dolby Surround овозда чиқарилади. Яъни, кинотеатрда ўтирганингизда, овоз ёнингиздан, атрофингиздан, тепангиздан эшитилади. Бугунги кунда Алишер Навоий номидаги кино саройи залларидан бири худди шу овоз эффектини чиқариб берадиган жиҳозлар билан таъминланмоқда. Жаҳон саҳналарига чиқишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда биринчи марта дунё стандартидаги 4К форматида суратга олинди. У IMAX кинозалларида томоша қилишга ҳам мўлжалланган.

— Фильм премьераси қачон бўлиб ўтади? Айни пайтда унинг устида қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Фильм намойиши 2016 йилнинг биринчи ойларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Суратга олиш, овозлаштириш, монтаж ишлари тугаган. Айни пайтда унга сайқал берилмоқда. Яна иккита - рус ва инглиз тилларига ўгириш ишлари бошланиб кетди. Унинг премьерасига келсак, биринчи навбатда, ўзбек томошабинларига намойиш қилиб, уларнинг кўнглини олиш ва рози қилиш, ана ундан кейин ўзбек халқининг дуоси билан уни дунёга олиб чиқиш мақсадидамиз.

Ғоя муаллифи – Ўктам Сувонов, сценарийси доимий ҳамкоримиз Шоира Ғиёсова билан биргаликда тайёрланган. Уни Ўзбекистондаги биринчи рақамли оператор Рустам Муродов суратга олди. Фильмда Дониёр Афзалов мусиқаларидан фойдаланилди.

— Мавзудан бир оз четлашсак, мана бир неча ўн йиллардан буён режиссёрлик қилиб келасиз, мутахассис сифатида сиз билан бирга ишлашда ўзига берилган ролни кўнглингиздагидек маромига етказиб ижро этган уч актёр номини айтсангиз. Энг инжиқлари қайси?

— Биринчиси, албатта, Жавоҳир Зокиров, иккинчиси Дилноза Кубаева. Булар ёшлар орасида. Учинчиси, Муҳаммадисо Абдулхайиров бўлса керак. Энг инжиқларига келсак, Улуғбек Қодировни айтиш мумкин... Лекин аниқ актёрларни айтиш қийин. Агар инжиқлик қилса гапни қисқа қиламан. Яхши гапириб, у билан ҳамкорликни тўхтатиб қўя қоламан.


— Биламизки, “Челси” футбол клуби мухлисисиз. Моуриньонинг истеъфога чиқарилишига муносабатингиз қандай?

— Нотўғри қилинди, деб ўйлайман. Моуриньога озгина имконият берилиши керак эди назаримда. У ҳали охирги гапини айтмаган эди. У кучли мураббий, яхши таҳлилчи эди. Ўйлайманки, Моуриньонинг биринчи ва асоий хатоси жамоадаги аёл шифокорга ноҳақ муносабатда бўлди. Шунинг учун Моуриньонинг омади кетди, деб ўйлайман. Шунинг учун у тақдир зарбасини олди.

Лекин бу спорт. Катта майдонда катта драма бўлади. Айниқса Англия чемпионати шуниси билан қизиқ. Мисол учун, “Барселона” клубининг ўйини менга ёқади. Лекин интрига деган тушунча йўқ. Негаки у деярли доимо ютади. Ҳадеб ютавергани учун ўйинлари мен учун қизиқ эмас. Жамоа ютқазиб ҳам туриши керак.

— Якунда келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

Биласизми, кетма-кет жиддий фильмларни суратга олиш одамнинг характерига ҳам таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун доимий ишлайдиган – комедияли мелодрамма жанрида фильм суратга олишни режалаштирганман. “Эр бермоқ – жон бермоқ” фильмининг қайсидир маънода давоми бўлади: “Эр бермоқ – жон бермоқ – 2. Онлайн” деган номда.
Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

“Kun.uz” мухбири Санжар Саид суҳбатлашди.
Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 90155 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 44906 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 50538 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 8875 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 19719 Ўзбекистон
Шимолий Корея АҚШга беражак зарбаларини бир қатор сиёсий плакатларда тасвирлади
23:20 0 Жаҳон
Конте «Челси»га нима етишмаётгани ҳақида гапирди
22:59 510 Спорт
Шаҳзода Уильямнинг никоҳ тўйидаги тортнинг бир бўлаги сотувга қўйилди
22:52 840 Жамият
Видео: Дэвид Бекҳэм Pro Evolution Soccer 2018’да
22:47 599 Спорт
АҚШ ва Жанубий Корея август охирида ҳарбий машғулотлар ўктазади
22:35 451 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар