УЕФА миллий футбол федерациялари билан алоқалар бўйича менежери Давид Петриашвили Грузия пойтахти Тбилисида содир бўлган автоҳалокат натижасида вафот этди. Бу ҳақда Грузия футбол федерациси хабар тарқатди.

46 ёшли мутахассисни пойтахт кўчаларининг бирида полициянинг патруль машинаси босиб кетган. Мазкур иш бўйича маҳаллий жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Спорт функционерининг отаси — Тбилисининг «Динамо» клуби сафида 1964 йилда Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлган Гурам Петриашвили — ҳам 2002 йилда автоҳалокат натижасида вафот этганди.

Давид Петриашвили Тбилисининг ва Москванинг «Динамо» жамоалари ёшлари ва Собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоаси сафида тўп сурган. Охирги вақтларда у Швейцарияда яшаб, УЕФА штаб-квартирасида фаолият олиб бораётганди.