Бруней султони Ҳассанал Болкиах мамлакат фуқароларини Рождествони байрам сифатида нишонлаш оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди. Брунейда бу тақиққа амал қилмаганлар 5 йилга қамалади. Бу ҳақда The Telegraph газетасида ёзилган.

Маълум қилинишича, бу тақиқ мамлакатнинг ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларига тааллуқли бўлиб, бошқа эътиқоддагиларга байрамни тор доираларда нишонлашга рухсат берилган.

Бруней Дин ишлари вазирлиги маълумотида айтилишича, "Байрамни очиқ тарзда нишонлаш мусулмонларнинг иймонига зарар етказиши мумкин", деб ҳисобланган.

Шу ойнинг бошида маҳаллий имомлар шундай ташаббус билан чиқишганди. Улар арчаларни безаш, Янги йил қўшиқларини куйлаш шариатга тўғри келмаслигини айтишган ва бу ҳолатга жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидлашган.

Нашрнинг ёзишича, айни вақтда Бруней аҳолисининг 65 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Қайд этилишича, аҳолининг бир қисми бу тақиқлардан норозилигини билдириш мақсадида ижтимоий тармоқларда #MyTreedom ҳештеги билан Роджествога оид суратлар жойлаштиришмоқда.