Ўзбекистон ва Эрон авиаҳукуматлари рейслар сонини ҳафтасига 16тага қадар ошириш ҳақидаги келишувга эришишди. Бу ҳақда 12news.uz сайти хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, жорий ўзгаришларни ўз ичига олган меморандум ўзбек делегациясининг Теҳронга ташрифи якунларига кўра имзоланди.

Бунга қадар эса Ўзбекистон ва Эрон авиакомпаниялари Тошкент ва Теҳрон ўртасида ҳафтасига икки маротабагача рейс ташкил этиш ҳуқуқига эга эди.
Янги келишув Шероз, Исфахон, Машҳад, Самарқанд ва Бухорога тўғридан-тўғри рейслар ташкил этишга имкон туғдиради.

Аввалроқ Ўзбекистон миллий авиаташувчисининг Эронда ўз ваколатхонасини очиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинган эди. “Бунинг учун Эронга нисбатан жорий этилган барча халқаро санкциялар бекор қилиниши керак. Эрон биринчи навбатда юк ташиш нуқтаи назаридан қизиқиш билдирмоқда. Эрондан санкциялар олиб ташланиши билан бизнинг компаниямиз мазкур мамлакатда ўз ваколатхонасини очади”, - дея қайд этди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” бош директори Валерий Тян.