Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, украиналик Владимир Кличко 2015 йил 28 ноябрда Дюссельдорфда бўлиб ўтган, британиялик боксчи Тайсон Фьюрига қарши жангда рақибига ютқазганидан хурсандлигини айтди. Боксчи бу ҳақда “Чемпионат.com” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Жангдан кейинги 2-3 кун оғир бўлди, бироқ мен бу ўткинчи эканини билардим. Мен бу ҳолатда ҳеч нарса дейишни истамасдим. Кейин ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Бундан ташқари, ҳозир мен сизга мутлақ рост айтаман, Фьюри билан жангдан кейин қўлим тепага кўтарилмаганидан хурсандман. Томошабинлар бундан норози бўлиб, ҳуштакбозлик қилиб юборардилар. Менга бундай ғалабанинг нима кераги бор? Бундай ғалабадан кўра, ютқазган яхшироқ”, деб айтди Кличко.

Эслатиб ўтамиз, Кличко ҳакамларнинг бир қарори билан мағлуб деб топилди ва WBA, IBF, WBO ва IBO версиялари бўйича барча жаҳон чемпиони унвонларини қўлдан бой берди.

6 декабрда Кличко ва Фьюри реванш жанг ўтказмоқчи эканликлари маълум бўлди. Боксчилар ўртасидаги навбатдаги жанг 2016 йилнинг май-июнь ойларида ўтказилиши режалаштирилмоқда.