ХХР шимолий қисмида жойлашган 40та шаҳар, жумладан, Пекин ва Тяньцзинь раҳбарияти ҳавонинг ифлосланиши сабабли турли даражадаги хавф тревогараларини эълон қилди, дея хабар тарқатмоқда Синьхуа агентлиги 22 декабрь куни.

Бундан аввалроқ эса Пекиндан тахминан 100 километр масофада жойлашган Тяньцзинь порт шаҳри ҳокимияти кучли смог сабабли биринчи маротаба хавфнинг “қизил” даражасини эълон қилган эди. Кучайтирилган тартиб чоршанба куни соат 00:00 дан бошланиб, пайшанба куни 06:00 га қадар давом этади.

Айни пайтда Пекинда ҳам қуюк смог сабабли хавфнинг “қизил” даражаси эълон қилинган. Мазкур шаҳарда илк маротаба 8 декабрда энг юқори даражали хавф сигнали эълон қилинган эди. Тартиб 10 декабрь куни бекор қилинди. Иккинчи марта эса шаҳар ҳокимияти 19 декабрда ушбу тартибни жорий этди. Мазкур хавф тревогаси пайшанба куни бекор қилинади.

Синьхуа маълумотларига кўра, Баодин, Ханьдань, Ланфан ва Синтай шаҳарларида ҳам хавфнинг “қизил” даражаси эълон қилинган. Хэбэй, Хэнань ва Шаньдун провинцияларидаги яна 12та шаҳарда “тўқ сариқ” даража жорий этилган. “Сариқ” ва “кўк” даражалар эса, мос равишда, 17 ва 5та шаҳарда эълон қилинди.

“Қизил” даража эълон қилиниши билан автомат равишда бир қатор мажбурий чоралар, жумладан, автотранспорт воситалари ҳаракатига чеклов киритилади. Мактаб ва боғчаларда машғулотлар бекор қилинади. Йўллар кунига энг камида бир марта чангдан тозаланади. Шунингдек, барча қурилиш ишлари бекор қилиниб, заводлар фаолияти тўхтатилади.

Хитойда ҳаво ифлосланишини белгиловчи тўрт даражали тизим 2013 йилда жорий этилган. Ўрнатилган қоидаларга кўра, муниципал ҳукумат кучли смог кетма-кет уч кундан ортиқ муддат давом этганида хавфнинг “қизил” даражасини эълон қилади. Агарда смог уч кун давом этса “тўқ сариқ”, икки кун кузатилса “сариқ” ва бир кун бўлса “кўк” даража эълон қилинади.