Хабарингиз бор, шу йилнинг 21 декабрь куни пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида “Эътироф-2015” миллий танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танловда 23та номинация бўйича санъат, спорт ва журналистика соҳасининг 2015 йилдаги энг илғор вакиллари тақдирланди. Эътироф этилганлар орасида актриса Юлдуз Ражабова ҳам бор эди.

Саҳнада “Йилнинг энг яхши аёл актрисаси” номинацияси бўйича ғолиб сифатида Юлдуз Ражабова номи тилга олинганида унинг ўрнига мукофотни режиссёр Рустам Саъдиев қабул қилиб олди. Тадбир бошловчиси актрисанинг Хивада суратга олиш жараёнида қатнашаётгани учун маросимга кела олмаганини маълум қилди. Аммо...

Тадбир тамом бўлганидан сўнг бир оз ўтиб маросимга таклиф қилинмаган хонанда Лола Йўлдошева ўзининг “Инстаграм”даги саҳифасига бир суратни жойлаштирди. Унда тўшак саҳнаси тасвирланган бўлиб, марказда Юлдуз Ражабова ётар эди! Унга қолдирилган изоҳга эътибор беринг: “Айни пайтда “Истиқлол” санъат саройида ҳар йиллик давлат мукофоти “Эътироф” бўлиб ўтмоқда. Биз эса янги "Yaralangan Qanot" қўшиғига видео тасвирга олаяпмиз. Таклиф этилганлар рўйхатида йўқман, лекин менинг кадримда “Йилнинг энг яхши актрисаси” Юлдуз Ражабова бор!..” Бу сўзларни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин, аммо бизнинг наздимизда Юлдуз Ражабова фаолиятидаги илк мукофотдан кўра клипда суратга тушишни маъқул кўрган.

Кейинги куни shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида Лоланинг суратини жойлаб, унга қуйидагича изоҳ қолдирди: “Мана, "Эътироф"га ҳурмат! Давлат унга мукофот бераман, деса актриса тоғда юрибди! Кеча уни Хивада суратга олиш ишлари билан банд, дея катта саҳнада эълон қилишганди! Оммани алдашга наҳот уялишмади?! Юлдуз ҳаётидаги илк катта мукофотни қабул қилиб олишдек эсда қоларли онларни кеча бой берди. Менсимай келмаганига яраша клипда, ётоқхонада суратга тушаётганини бекитса бўларди! "Ўзбеккино"нинг кўзи қаёқда?!”

Бугун, 23 декабрь тонгида “Даракчи” нашри ҳам ушбу масалага эътибор қаратиб, шу мавзуда Юлдуз Ражабова билан бўлиб ўтган интервьюни эълон қилди. Унда актриса маросимга бориш ҳақида хабар беришганида шаҳардан ташқарида жуда муҳим (!) съёмкада эканини маълум қилган. Унинг айтишича, об-ҳаво жуда ёмонлиги сабаб ўз вақтида етиб кела олмаган. “Қалин қор ёққанди, трактор келиб, йўлларни тозалашини кутдик ва шу билан кечаси соат 1,5-2ларда шаҳарга кириб келдик”, - дея жавоб берган актриса. Қайси фильмда суратга тушгани ҳақидаги саволга эса “сир бўла қолсин”, дея жавоб берган.
Эҳтимол, бу катта шов-шувларга арзийдиган масала эмасдир. “Эътироф”нинг ҳам нуфузи аввалгидек, аввалги танловларникидек эмас. Бироқ бир йилда бир марта ўтказилиб, санъат ва маданият соҳасида муносиб фаолият кўрсатган номзодларга бериладиган энг муҳим давлат тадбирига бу даражада беэътибор бўлмаслик керак эди, деб ҳисоблаймиз.