Anonymous гуруҳи хакерлари Туркия ҳукуматига қарши кенг кўламли кибер уруш эълон қилди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар берган.

“Туркия ИШИДдан нефть сотиб олмоқда ва жангариларни ўз ҳудудида даволамоқда. Биз Эрдўғоннинг бундан кейин ҳам ИШИДга ёрдам беришига жим қараб турмаймиз”, — дейилган ташкилотнинг Youtube порталида жойлаштирилган видеолавҳасида.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Россия Мудофаа вазирлиги Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ИШИД нефть бизнесига алоқадорлиги ҳақида видео далиллар келтирган эди. АҚШ давлат департаменти бунга жавобан, хусусан Эрдўған алоқадорлигига далиллар кўрмаган бўлсада, лекин ИШИДга тегишли бўлган нефть Туркия чегарасини кесиб ўтаётганини тан олди.

Ўтган ҳафтада бутун Туркия бўйлаб 40 мингга яқин интернет саҳифаларга номаълум гуруҳ томонидан кибер ҳужум уюштирилгани тўғрисида хабар берилганди.

Anonymous вакилининг сўзларига қараганда, агар Туркия ИШИДга ёрдам беришни бас қилмаса, гуруҳ кибер-жангчилари Туркия банклари ва ҳукумат сайтларига ҳужум қилади, ундан кейин эса аэропорт ва ҳарбий объектлар сайтлари нишонга айланади.

Маълумот учун, Anonymous хакерлар гуруҳи 2003 йилда ташкил қилинган. Гуруҳ номи 2010 йилда, энг йирик PayPal, Visa ва MasterСard тўлов тизимлари серверларига уюштирилган кибер-ҳужумдан кейин дунёга машҳур бўлди. Ушбу ҳужумни улар WikiLeaks сайти фаолиятига қарши ҳаракат қилган ташкилотларга қарши уюштиришди. Anonymous гуруҳи, доимий равишда, турли хукумат ва ташкилотлар сайтларига ҳужумлар уюштириб туради.

Аnonymous хакерлари Силикон водийсидаги компанияни ИШИДга ёрдам беришда айблади

Anonymous хакерлари ИШИДдан Париж учун ўч олишга ваъда берди