Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Юридик клиникаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг йигирма йиллиги муносабати билан «Меҳнат кодексини биласизми?» онлайн викторинасини эълон қилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, викторина фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ошириш, улар ўртасида миллий ва халқаро меҳнат стандартларининг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилмоқда.

Викторина Меҳнат кодекси қабул қилинганлигига йигирма йил тўлган сана – 2015 йил 21 декабрь кунидан бошланиб, Меҳнат кодекси кучга кирганлигига йигирма йил тўлган сана – 2016 йил 1 апрель кунига қадар жами 10 босқичда ўтказилади. Унда ёши, маълумоти, ўқиш ёки иш жойидан қатъи назар барча фуқаролар иштирок этишлари мумкин.

Викторина www.viktorina.yk.uz сайтида бўлиб ўтади. Викторинанинг бош соврини – Apple iPhone 6 смартфони. Шунингдек, соврин сифатида ноутбук, планшет ва яна бошқа қимматбаҳо совғалар ҳам қўйилгани маълум қилинди.