Британиянинг NatWest (National Westminster Bank) банки 93 ёшли Иккинчи Жаҳон уруши фахрийсининг ўғирлаб кетилган 23 минг фунт стерлинг (34 минг доллар) пулини тўлаб берди. Бу ҳақда Daily Mail газетасининг электрон версияси хабар берди.

Воқеа 14 декабрь куни содир бўлди. Кекса эркак банкнинг Грантем шаҳридаги филиалига келиб, банкомат ёрдамида пулларни нақдлаштирмоқчи бўлган. Кузатув камераларининг қайд қилишича, жараённи кузатиб турган уч эркак унинг диққатини чалғитиб, пластик карталарни ўзгартириб қўйган. Кейинроқ улар маблағни нақдлаштириб, воқеа жойидан яширинган.

“Афсуски, мижозимиз ёлғон қурбонига айланди. Биз унинг маблағларининг ўрнини тўлдирдик ва полициячилар жиноятчиларни топиши учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз”, - деди банк матбуот котиби.