Германиянинг «Шальке» жамоаси Россиянинг «Газпром» концерни билан янги ҳомийлик шартномаси имзолаш бўйича музокараларни бошлаб юборди. Бу ҳақда Bild нашри хабар тарқатди.

Иккала томоннинг амалдаги шартномаси 2017 йилга қадар мўлжалланган, бироқ немис клуби олдинроқ ҳамкорлик муддатини узайтиришни режалаштирмоқда.

Манбада ёзилишича, «Шальке» ва «Газпром» ўртасидаги сўнгги музокаралар баҳор ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда «Шальке» «Газпром» билан ҳомийлик шартномасига асосан йилига 20 миллион евро ишлаб топади.

Эндиликда гельзенкирхенликлар раҳбарияти янги тўрт йиллик шартнома эвазига йилига 30 миллион евро ишлаб топишни мақсад қилишган.