Индонезиянинг Сулавеси ороли яқинида паром чўкиб кетганидан сўнг 70 нафардан зиёд йўловчининг исм-шарифи бедарак йўқолганлар рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда. ОАВ маълумотларига кўра, етти кишининг вафот этгани расман тасдиқланган.

Ҳодиса содир бўлганидан уч кун ўтиб кема капитани тирик ҳолда топилди. Унинг ҳолати кучсиз деб ҳисобланмоқда, шунинг учун сўроқ ишлари кейинга қолдирилган.
Фавқулодда хизматлар хабарига кўра, тирик қолганларни топиш илинжи тобора сўниб бормоқда. Бироқ қидирув амалиёти бир ҳафта давом этади. Унда вертолётган, балиқ овловчи кемалар ва қайиқлар иштирок этмоқда.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, кемага улкан тўлқин урилиб, бир қанча одамларни бортдан ювиб кетган.
Аввалроқ эса чўкиб кетган кемадан 39 киши қутқариб қолингани айтилган эди. Кема капитани ва яна бир кишини қўшиб ҳисоблаганда, уларнинг сони 41 нафарга етди.