Хитойнинг QQ видеопорталида янги iPhone 7 смартфони прототипи тасвирланган видео пайдо бўлди.

Ёзув гўёки қўлида iPhone 7 ушлаб олган Foxconn заводи ходими томонидан олинган. Қурилма бунгача чиқарилган iPhone’лардан ташқи кўриниши билан фарқ қилади. Янги смартфоннинг ҳимояловчи ойнаси олд панелнинг ҳаммасини эгалламайди ва унда Touch ID бармоқлар сканерига эга Home тугмаси йўқ. Олд камера гапириш динамики устида жойлашган.

Смартфоннинг орқа қопқоғи ҳам ўзгарган – асосий камера марказга кўчган ва Apple логотипига яқинроқ жойлашган. Прототипда қулоқчинлар учун разъём йўқ, қувватлаш порти эса анча кенгроқ ишланган. Бироқ бундай видеоларда кўпинча бўладигандек, бу видео сохта бўлиши мумкин, чунки унда тасвирланган қурилмада iPhone’га хос баъзи хусусиятлар, масалан, вспишка мавжуд эмас.