Россиянинг “АвтоВАЗ” концерни 2018 йили ички бозорга ихчам кроссоверни олиб чиқмоқчи, у бугунги Lada Kalina модели асосида қурилиб, унинг ўрнини босиши мумкин. Бу ҳақда “Известия” газетаси хабар бермоқда.

Нашрнинг маълум қилишича, Kalina оиласи секин-асталик билан бозордан чиқарилади ва 2018 йилга “АвтоВАЗ” бу номдан воз кечади.
Хусусан, кўрсатилган йилда концерн Kalina базасидаги универсал ва Cross сериясини чиқаришни тўхтатиб, уларга муқобил модификацияларни Granta негизида яратади. Granta моделининг ўзи 2016 йилда рестайлингдан ўтказилади, 2020 йилда эса авлоди алмашади.

Kalina’нинг ўрнини босадиган автомобиль номи ҳозирча маълум эмас. Унинг серияли модели 2018 йил ўрталарида тақдим этилиши кутилмоқда. 2023 йилда, режага кўра, унинг иккинчи авлоди тайёр бўлади.