ОАВ тезда мухлисини топа олган ва омад келишини узоқ кутган санъаткорларни ёдга олди

Маданият 23 Декабрь 2015 10251

Санъат оламида машҳурликни қўлга киритиш осон эмас. Одатда бунинг учун узоқ йиллар меҳнат қилиш талаб этилади. Шундай бўлса-да, айрим санъаткорларга омад кулиб боқиб, улар биринчи ҳаракатдаёқ машҳур бўлиб кетади. Биринчи қўшиғи билан мухлисларини топа олган ёки биринчи ижросидаёқ кинода ўрин қозонган санъаткорлар ҳам оз эмас.
Шу муносабат билан “Бекажон” газетаси ўзбек санъаткорларининг ўзига хос рейтингини тузиб чиқишди. У икки қисмдан иборат: тезда танилганлар ва узоқ йиллик меҳнат самараси ўлароқ ўрнини топа олганлар.

Биринчи рўйхатга Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков киритилди. У 1994 йилда куйлаган “Кел, эй ёрим” қўшиғи билан танилди, кейин кетма-кет “Бир қулоғи чандиқ қиз” ва “Чанг кўчалар” тароналарини яратди.

Актриса Гулчеҳра Эшонқулова эса биринчи ролларидан эътибор топа олмаган. Дастлаб “Мунис онам” фильмида Гули образини гавдалантирган актриса мухлисларини топа олмаса ҳам, режиссёрлар эътиборига тушган, шундан сўнг у “Фотима ва Зуҳра”, “Шабнам” сингари бир қатор омадли фильмларда бош ролларни ижро этди. Шунга қарамай, Эшонқулова фаолиятини театрда бошлаган ва саҳнада унинг омади аввал бошиданоқ чопган: у Офелия, Гули сингари жиддий образларни яратишга жалб қилинган.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов 1968 йилда Комил Яшин асари асосида саҳналаштирилган “Йўлчи юлдуз” спектаклида дебют қилган. Унинг кучли ижроси режиссёрларни лол қолдирган ва ёш истеъдод вакили театрда олиб қолинган. Ўша спектаклда Комилов туркман отряди раҳбари Аваз шахсини гавдалантирган.
Эркин Комиловнинг кинодаги илк роли Украина киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Юлдуз шуъласи” фильмидаги Эргаш Собиров образи бўлди. Унга машҳурлик олиб келган роль эса “Гирдоб” фильмидаги Азиз Қосимов образидир.

Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова бир ҳаракатдаёқ муваффақиятга эришган санъаткорлар қаторига кирмайди. Илк қўшиғи “Фарғона тонг отгунча” таронаси бўлишига қарамай, хонанда 2005 йилда куйлаган “Ажаб-ажаб” қўшиғи орқали мухлисларга танилди. Айнан ўша пайтларда у “Азиз она юртим наволари” танловида ғалаба қозонди.
Кеч омад кулиб боққан истеъдодлар рўйхатига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Шодия Абдуқодирова кирди. Илк ролини “Муҳаббатимсан” фильмида ижро этган актриса узоқ йиллар сериалларда турли даражадаги образларни жонлантирди. Ниҳоят, “Бир кам дунё” сериалидаги Машҳура образи унга машҳурлик олиб келди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг илк қўшиғи “Ўйна гулим, ўйна” бўлиб, у эл оғзига тушмаганди. Уни чинакам танитган тарона эса “Одам бўлиб келдик” қўшиғидир. Жиддий ашулалари билан донг таратган хонанда кейинчалик шўх, ўйноқи композициялар ҳам яратди.

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов илк ижросини театрда 1990 йилда саҳналаштирилган “Куёвлар конкурси” спектаклидаги Кенжавой образи орқали тақдим этганди. Кинодаги илк ижроси эса Машраб Бобоев ва Маҳкам Муҳамедовларнинг “Кўнгил кўчалари” сериалига тўғри келди (Санжар образи). Лекин чинакам машҳурликни унга Рустам Саъдиевнинг “Муҳаббат синовлари” фильми келтирди. Шундан буён у нафақат кўплаб ролларни ижро қилди, балки ўзи ҳам режиссёрлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон 2000 йилдан радиода суҳандонлик қила бошлади. 5 йил давомида журналистик фаолият билан бирга у қўшиқлар ёзиб келди. Лекин фақат 2005 йилда ёзилган “Ишонмасман” таронаси унга шуҳрат келтирди. Шундан сўнг хонанда қатор хитлар ярата олди.

Кўпроқ янгиликлар