ФИФА бош котиби лавозимидан озод этилган Жером Вальке бир умрга футболдан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар тарқатган.

У сентябрь ойида 90 кунга ишидан озод этилганди. Октябрь ойи бошида ФИФА унинг футболдан четлатилиши муддатига яна 45 кун қўшилгани ҳақида маълум қилди.

У Бразилияда 2014 йили ўтказилган мундиал ўйинлари учун ноқонуний равишда чипта сотишни ташкил қилганликда айбланиши мумкин. Бундан ташқари, унинг 2010 йили ЖАРда ўтказилган жаҳон чемпионати мезбонлигини аниқлашда порахўрлик ишида иштирок этгани гумон қилинмоқда.

Bloomberg нашри маълумотига кўра, тергов ишларини олиб бораётган шахслар ФИФАнинг этика бўйича қўмитасига 100дан ортиқ саҳифадан иборат ҳужжатларни тақдим этган. Унга кўра, 55 ёшли франциялик амалдор бош ташкилотнинг ахлоқ кодексларини бир неча марта бузгани қайд этилган.

Таъкидланишича, агар ФИФА арбитраж палатаси айбловларни асосли деб топса, Вальке умрбодга футболдан четлатилади.

Эслатиб ўтамиз, 21 декабрь куни ФИФА президенти Йозеф Блаттер ва УЕФА раҳбари Мишель Платини 8 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият туридан четлатилганди.