24 декабрь куни Ўзбекистон билан Корея ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмаштириш тўғрисидаги Битим кучга киради.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарича, мазкур битим 2015 йилнинг 28 майида Сеул шаҳрида имзоланган.

Битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари назарий ва амалий имтиҳонлар топширмасдан ўз гувоҳномаларини Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирганларидан сўнг Корея Республикаси ҳудудида транспорт воситаларини бошқаришлари мумкин.

Корея Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси, башарти Корея Республикаси ваколатли органи томонидан қўйилган апостиль ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги нотариал идора томонидан тасдиқланган ўзбек тилидаги таржимаси бўлган тақдирда, Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси билан тенг равишда амал қилади деб тан олинади.