"Челси" жамоасининг қанот ҳужумчиси Педро Родригес Испания чемпионатига қайтиши ҳақидаги хабарларни рад этди. 28 ёшли бу футболчи ўзини Лондонда бахтли ҳис қилаётганини билдирган.

"Мен "Челси"да ўзимни бахтиёр сезмоқдаман. Менинг жамоадан кетмоқчилигим ҳақидаги хабарлар ёлғон. Мухлислар ва жамоа ҳам ўйинимдан норози деб ўйламайман. Албатта, биз ҳозирда турнир жадвалида яхши ўринларни эгаллаб турганимиз йўқ. Лекин бутун жамоа бир бўлиб юқорилашга ҳаракат қиламиз.

Хиддинк жуда тажрибали мутахассис. Жамоа ҳам унга ишонади. У "Сандерленд" билан ўйиндан олдин мен билан бироз испан тилида ҳам гаплашди ва бу орқали менда ажойиб таассурот қолдирди. Унинг бу ҳаракати ва эътибори мен учун жуда муҳим. У менга "Челси"да биз билан бирга эканлигидан хурсандлигини айтди", дейди футболчи Evening Standard нашрига.