Россиянинг санкцияларига учраган Туркия товарлари рўйхатига кирмайдиган текстиль маҳсулотлари ва матолари норасмий тарзда тақиқланмоқда, уларни олиб киришнинг иложи бўлмаяпти, деб ёзади “Коммерсантъ” газетаси. Бу ҳақда конституцион қонунчилик бўйича Дума қўмитаси раиси ўринбосари Вадим Соловьёвнинг бош вазир Дмитрий Медведев ҳамда саноат ва савдо вазири Денис Мантуровга йўллаган мактубида айтилган.

“Туркияда маҳаллий тадбиркорлар билан тузилган шартномалар асосида сотиб олинган матолар ҳамон Туркияда қолмоқда, етказувчилар уларни олиб келишдан бош тортмоқда, ёки товар юкланган машиналар Украина ва Россия ўртасидаги транзит зонасида қолмоқда”, - дейилади мактубда.

Сиёсатчининг сўзларига қараганда, хом ашёнинг йўқлиги Россия корхоналарининг фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин. Бунда маҳсулотнинг мазкур тури ҳатто Туркияга қарши жорий этилган санкциялар рўйхатига ҳам киритилмаган. Қизиғи, санкцион рўйхатнинг ўзи ҳам янги йилдан кучга киради.

“Амалда божхона органлари Россиядаги ушбу йўналишдаги кўплаб компанияларнинг тижорий фаолиятига тўсқинлик яратмоқда”, - деб хулоса қилинади ҳужжатда.