2015 йилнинг 25 декабрь куни Термиз шаҳрида 11- бора ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат Термизий хотира турнири ўз ғолибларини аниқлайди. Бу ҳақда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур нуфузли турнир 1993 йилдан бери мунтазам равишда ҳар икки йилда бир ўтказиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида дунёнинг 100 га яқин давлатидан ташриф буюрган 700 нафардан зиёд полвонлар спортнинг кураш тури бўйича Термиз гиламларида куч синашди.

Аввалги мусобақалардан фарқли равишда, ташкилий қумита қарорига асосан, бу йилги беллашувларда фақатгина ўзбекистонлик спортчилар қатнашади.

Беллашувларда ҳар бир вилоятдан 4 нафардан, мезбон Сурхондарё вилоятидан 10 нафар ҳамда Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тўлиқ таркиби куч синашишади.

Таъкидлаш жоизки, мусобақа жорий йилнинг баҳор фаслида ўтказилиши лозим эди. Бироқ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан тегишли ташкилий ишлар ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли мусобақа йил сўнгига қадар қолиб кетди. Натижада қисқа муддат ичида беллашув ташкиллаштирилиб, унда хорижлий спортчиларнинг иштироки таъминланмай қолди.