Шу йилнинг кузида Тожикистон бош прокуратураси Tcell мобил алоқа операторидан кузатиш ускуналарини сўраган. Бу ҳақда TeliaSonera Швеция-Финляндия компаниясининг расмий сайтида эълон қилинган хабарномада айтилди.

Айтилишича, ушбу талабни Тожикистоннинг тегишли идораси Тожикистон фуқаролари томонидан халқаро террорчи гуруҳлар таркибида содир этилган қуролли қўзғолонлар ва оғир жиноятларни тафтиш қилувчи давлат структурасини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширган.

Бош прокуратура, ўз навбатида, бунинг эвазига Tcell’нинг тижорий ва хўжалик фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини маълум қилган.

Хабарномада таъкидланишича, компания ускуна фақат маҳаллий қонунчиликка мувофиқ равишда ноқонуний фаолият устидан кузатув учун қўлланилиши кафолатланган тақдирдагина уни прокуратурага тақдим этади.