Тожикистон парламенти қуйи палатасининг 24 декабрь куни ўтадиган навбатдаги йиғини кун тартибига CASA-1000 лойиҳаси бўйича олтита келишувни ратификация қилиш масаласининг муҳокамаси қўйилган. Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар бермоқда.

Айтилишича, депутатлар Тожикистон Республикаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги “Минтақалараро электр энергияси савдоси” (CASA-1000) лойиҳаси бўйича кафолатлар берилиши масаласини кўриб чиқади. Булар: “Барқи тожик” ва ЕТТБ ўртасида CASA-1000 лойиҳаси бўйича кредит келишуви; ТР ва Халқаро ривожланиш уюшмаси ўртасида “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида электр энергияси узатиш ва у билан савдо қилиш” лойиҳасини молиялаштириш бўйича келишув; Халқаро ривожланиш уюшмаси ва “Барқи тожик” ўртасида “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида электр энергияси узатиш ва у билан савдо қилиш” лойиҳаси бўйича келишув; РТ ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Тожикистоннинг CASA-1000 лойиҳасидаги улуши бўйича кредит келишуви; Тожикистон ва Европа инвестицион банки ўртасидаги “Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги энергетик ҳамкорлик” лойиҳаси бўйича молиявий шартнома.

CASA-1000 (Central Asia – South Asia -1000) Осиёдаги энг йирик энергетика лойиҳаларидан биридир. Экспертларнинг таъкидлашича, у Марказий ва Жанубий Осиёда ягона энергетика бозорини яратишга қаратилган. Лойиҳа Қирғизистон ва Тожикистондан Афғонистон ва Покистонга электр энергияси узатилишини кўзда тутади.