«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Луи ван Гаал Англия Премьер-лигасининг 18-тури доирасида «Сток Сити»га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди.

Голландиялик мутахассис иштирокидаги матбуот анжумани 4 дақиқаю 58 сония давом этган. Бу вақт давомида у 2та саволга жавоб берди ва зални тарк этди.

Ўйинчиларнинг руҳияти ҳақида
Ҳаммаси аввалгидек, чидаса бўлади. Ҳеч қандай янгилик йўқ. Фил Жонс 90 дақиқа ўйнади ва ҳеч қандай симптомлар кузатилмади. Бу яхши ҳолат. Дармиан «Челси»га қарши 28 декабрь куни бўладиган ўйингача тикланиши мумкин. Кўрамиз.

Мураббийнинг келажаги борасидаги миш-мишлар ҳақида
Бу хонада ҳеч ким мендан узр сўраш кераклигини ҳис қилмаяпти. Мени истеъфога чиқаришибди, бу ҳақида ўқидим.

Мени аллақачон истеъфога чиқаришибди. Ҳамкасбим Моуриньони ҳам. Бундай хабарлар кўпчиликни ташвишга солди. Оиламни. Мухлисларни. Телефоним қўнғироқлар кўплигидан портлагудек бўлмоқда. Ҳатто, Арсен Венгер ҳам телефон қилиб, бу гаплар бўйича мендан изоҳ сўради.

Ўйлайсизки, мен матбуот билан суҳбатлашишни хоҳлайманми?

Мен бу ерга фақатгина АПЛнинг қоидаси туфайли келдим. Мен сизлар билан гаплашишга мажбурман. Мен қандайдир гап гапирсам, сизлар уни ўз билганингизча талқин қиласиз.

Мен ўйинчиларимнинг ўзига бўлган ишончини оширишга ҳаракат қилганимни айтишим мумкин. Бу ҳафтада қилган ишим шу бўлди. Мен ўйинчилар ва мураббийлар штаби билан учрашув ўтказдим. Рождество муносабати тушлик уюштирдим ва нутқ сўзладим. Каррингтонда барчанинг қўллаб-қувватлашини ҳис қиляпман.

Ҳозир яхши аҳволда эмасмиз. Тўрт ҳафта олдин биз 1-ўринда эдик ва яна 4 ҳафтадан кейин 1-поғонага чиқиб олишимиз мумкин.

Биз фактларга таянишимиз керак. Менга Алекс Фергюсон, Дэвид Гилл ва Эд Вудворд қўнғироқ қилишмоқда. Боиси, сиз журналистлар фактга таянмасдан, баъзи нарсаларни тўқиб ёзяпсизлар. Бу яхши эмас. Энди эса пайдо бўлган саволларга жавоб беришим керак. Мен бундай қилишни хоҳламайман.

Мен ҳозирда бор эътиборимни «Сток Сити»га қарши ўйинга қаратганман. Барчангизни байрам билан. Балки янги йилда яна кўришармиз. Ҳозирча эса, винонгизни ичиб, пишириқларингиздан тотиб, ҳаётдан баҳра олинг.