UNCITRAL Халқаро арбитраж трибунали Британиянинг Oxus Gold компаниясининг Ўзбекистондаги тоғ-кончилик лойиҳалари бўйича даъвосини рад қилди. Бу ҳақда компаниянинг хабарномасида айтилди.

“21 декабрь куни ҳакамлик судлари Oxus Gold’нинг “Хондиза” лойиҳаси бўйича даъвосини бутунлай рад қилди, арбитраж суди, шунингдек, Британия компаниясининг “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонаси бўйича даъвосини ҳам рад этди”, — дейилади хабарномада.

“Шу билан бирга, халқаро арбитраж суди Ўзбекистон ҳукуматига Британия компаниясига 1.03 млн доллар ҳамда 2004-2010 йиллар учун фоизларни Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишувнинг бузилиши муносабати билан бадал пули сифатида тўлашни юклади”, — хабар қилади Oxus Gold.

2011 йил январида Ўзбекистон ҳукумати “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонасини ривожлантириш ҳамда олтин қазиб олишни ошириш дастурининг реализацияси паст бўлганлиги муносабати билан ёпишга қарор қилди. Ушбу корхонанинг 50 фоиз улушига Oxus Gold эга эди. 2013 йилда компания Ўзбекистон ҳукуматини корхонанинг ёпилиши муносабати билан халқаро трибуналга берган эди.

Британия компанияси, шунингдек, ҳукуматнинг 2006 йилда Хондиза полиметалл конидаги ишланмалар бўйича унинг эксклюзив ҳуқуқлардан маҳрум қилиш борасидаги қарори устидан ҳам даъво киритган эди. Ушбу кон ўша йилнинг ўзидаёқ Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига топширилган эди. Ўзига етказилган умумий зарарни Oxus Gold 400 млн долларга баҳолаган эди.

2003 йил охирида “Омонтойтов Голдфилдз” Омонтойтов конида, Марказий Қизилқумда умумий қиймати 31 млн долларлик олтин қазиб олиш фабрикасини ишга туширди. Корхонанинг лойиҳавий қуввати оксидланган рудаларни қайта ишлаш бўйича йилига 1 млн тоннани, олтин ишлаб чиқариш бўйича йилига 6.3 тоннани ташкил қилган. Унинг акциядорлари Oxus Gold (50 фоиз), Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси (40 фоиз) ҳамда Навоий тоғ-металлургия комбинати (10 фоиз) эди. 2013 йил февралида Навоий вилоят хўжалик суди қўшма корхонани банкрот деб топди, унинг активлари Навоий тоғ-металлургия комбинати балансига ўтказилди.