ЮКОСнинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийни Басман суди томонидан қамоққа олиш бўйича қарор чиқарилган. Бу ҳақда «Интерфакс» суд матбуот котиби Юнона Царевага таяниб хабар тарқатди.

«23 декабрь куни Москванинг Басман тумани суди тергов идораларига Михаил Борисович Ходорковскийни қўлга олгач, уни ҳибсга олиш бўйича кўрсатма берган», — дейди у.

Царева шунингдек, Ходорковский қўлга олинганидан кейин қамоқ муддати икки ойни ташкил қилишини ҳам таъкидлаб ўтган.

Олдинроқ Басман суди Ходорковскийни сиртдан ҳибсга олиш бўйича ҳукм чиқарганди.

Тергов маълумотларига кўра, 1998-1999 йилларда ЮКОС нефть компанияси бошқаруви раиси ва акциядори бўлган Ходорковский ходимлари Невзлин ва Пичугинга Петухов ҳамда Евгений Рибинни ўлдиришни топширган. Рибин Австриянинг East Petroleum Handels компанияси бошқарувчиси бўлган.