“Маҳалла менинг тақдиримда” Республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон 24 Декабрь 2015 2837

Маҳалла ёшлари ўртасидаги “Маҳалла — менинг тақдиримда” Республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” шиори остида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА маълумот бермоқда.

Танловнинг Андижон вилояти босқичида 17 жамоа иштирок этди. Иштирокчилар “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигининг аҳамияти, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва маънавий-маърифий ислоҳотларга оид билими, мазкур тизимни такомиллаштириш хусусидаги тақдимотлари ҳамда “Маҳалла менинг тақдиримда” мавзусида иншо ёзиш бўйича баҳслашди.Хонобод шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг “Навоий” жамоаси биринчи ўринни олди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бош мутахассиси Лутфия Сафарованинг айтишича, танловнинг вилоятдаги 712 маҳалла фуқаролар йиғини жамоалари ўртасида ташкил этилган саралаш босқичларида 2 минг 848 ўқувчи фаол иштирок этди. Вилоят босқичида 1-ўрин Термиз шаҳар “Наврўз” МФЙнинг “Келажак авлод” жамоасига насиб этди. Тадбир доирасида ёшларнинг миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Самарқанд вилоятидаги танловда 16 жамоа ўз маҳалласининг тарихи ва бугунги ҳаёти, ёшлар учун яратилган имконият ва шароитлар, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақидаги билимларини намоён этди. Миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Бу борада бошқа жамоалардан ажралиб турган Иштихон туманидаги “Қорақўйли” МФЙнинг “Миёнқол” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Ҳар бир ҳудуддаги якуний босқичда ғолиб жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар