АҚШнинг Миннеаполис халқаро аэропорти терминали қора танли фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимояловчи Black Lives Matters ташкилотининг бир неча юз фаоллари томонидан тўсиб қўйилди, деб хабар бермоқда USA Today нашри.

Норозилар ўтган ойда полициячилар томонидан отиб ўлдирилган, Миннеаполисда яшаган 24 ёшли қора танли Жамар Кларкнинг иши бўйича тергов ўтказилишини талаб қилдилар. Фаоллар дастлаб йирик савдо марказларидан бирида йиғила бошладилар, бироқ марказ раҳбарияти намойишни ноқонуний деб топиб, одамларни ҳудудни тарк этишга чақирди. Оломон темир йўл излари бўйлаб аэропорт томонга йўл олиб, у ердаги терминаллардан бирини тўсиб қўйди.

Полиция бир соат давомида намойишчиларни тарқата олмади, 15 га яқин киши ҳибсга олинди. Тўполон пайтида ҳеч ким жабрланмаган.

Аввалроқ Миннеаполис мэри Бетси Хожес АҚШ адлия департаментининг фуқаролик ҳуқуқлари бўйича бўлимига “очиқ-ойдинлик ва жамоатчилик ишончи йўлида” ушбу воқеа юзасидан федерал тергов ўтказиш илтимоси билан мактуб йўллаганини айтган.

Жамар Кларк босқинчиликда айбланиб ҳибсга олинган. Бир қатор гувоҳлар, шунингдек, Кларкнинг отаси полициячи унинг ўғлини отиб ташлаганда у қўлкишанларда бўлганини таъкидламоқдалар.