Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев журналистларнинг 2016 йил баҳорида кутилаётган воқеалар ҳақидаги саволига жавоб берди.
Журналист Моҳинур Ниёзова мамлакатда аэропорт учун тўлов жорий этилгани, хизматлар нархи қимматлашаётганини, кўчмас мулк суғуртаси жорий этилаётгани, харажатлар эса яна аҳоли зиммасига тушишини айтиб ўтди.

“Жамоатчилик баҳорда қанақадир воқеалар, балки, инқилоб бўлар деб фикр билдирмоқда”, - деди қўшимча қилиб журналист.
Бу сўзлар Атамбаевнинг жаҳлини чиқариб юборди.

“Сен ўзинг хоҳлаган нарсани ҳақиқий қилиб кўрсатмоқчисан. Ниятларингга эриша олмайсан! Сен ҳам, бакиевчилар ҳам!”, - деди у.
“Аэропорт тўловларига келсак, - сўзида давом этди президент. – Бишкекка бирор йўл олиб боришини истаймизми? Бутун давлат бунинг учун тўлаши керакми ёки фақат учаётганларми? Бундан ташқари, гап фақат халқаро рейслар ҳақида кетмоқда.

Бу йўл мамлакатнинг юзидир, у яхши аҳволда бўлиши керак. Уй-жой суғуртасига келсак, бу нарса бизда ҳалигача йўқ. Агар уй бутунлай вайрон бўлса, одамларга 200 минг сом ссуда тўланади. Бу суммага одам ўзига уй қура оладими? Уй-жой суғуртаси барча ривожланган давлатларда бор”.