Кеча, 23 декабрь куни «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Луи ван Гаал Англия Премьер-лигасининг 18-тури доирасидаги «Сток Сити»га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этиб, инглиз журналистларини ўзига нисбатан ҳурматсизлик қилганликда айблаб, улар ўзидан узр сўраши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди.

У матбуот анжумани вақтида бор йўғи 2та саволга жавоб қайтариб, 5 дақиқа ичида залдан чиқиб кетганди.

"Мени истеъфога чиқаришибди, бу ҳақида ўқидим. Бу хонада ҳеч ким мендан узр сўраш кераклигини ҳис қилаётганлар йўқми?", деганди у.

Бугун Sun нашри муқовасида инглиз нашрлари номидан ван Гаалдан узр сўралди.
Газета муқовасида қуйидаги сўзларни кўриш мумкин.

"ЛВГ узр сўрашни талаб қилди. Мана марҳамат: "КЕЧИР БИЗНИ ИЛТИМОС!"

Биз шунинг учун узр сўраймизки, сиз кетма-кет олтинчи учрашувда ғалаба қила олмадингиз!

Биз шунинг учун узр сўраймизки, сиз биринчи ўриндан бешинчи ўринга қуладингиз!

Биз шунинг учун узр сўраймизки, сиз ЕЧЛдан учиб кетдингиз!

Биз шунинг учун узр сўраймизки, сиз мухлисларингизга жаҳаннамий зерикарлилик "туҳфа этдингиз"!

Биз шунинг учун узр сўраймизки, сиз бунинг барчаси учун 250 млн еврони ҳавога учирдингиз!

"Юнайтед"нинг ҳурматли мухлислари, биз чин дилдан узр сўраймиз, негаки у ҳамон ўз постида қолмоқда!