Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россияни ноябрда уриб туширилган Су-24 ҳарбий самолёти “қора қути”нинг расшифровка қилинишидан “тарғибот шоуси” уюштираётганликда айблади, деб хабар бермоқда Dailysabah нашри.

“Қора қути” очилгани, бироқ унга шикаст етганлиги сабабли ундаги маълумотни ўқиб бўлмаслиги айтилди”, деб айтди Эрдўған Анқарадаги чиқиши пайтида.

“Бутун дунё Туркиянинг Су-24 самолётини уриб туширишга ҳуқуқи бор бўлганини қўллаб-қувватлаётган бир пайтда бу риёкор тарғибот шоуси ҳеч қандай маънога эга эмас”, деб айтди Туркия президенти.   

Унинг айтишича, Туркия ишончли маълумотларга эга бўлгани учун самолётни уриб тушириш қарорини қабул қилишда иккиланмаган.

Аввалроқ қора қутилардаги маълумотларни ўқишга махсус илмий тадқиқот институтлари жалб қилиниши мумкинлиги маълум қилинганди. Бу институтлар “бевосита кристаллардан” маълумотларни ўқий олишга қодир махсус қурилмаларга эга бўлишлари мумкин, бироқ бунга узоқ вақт талаб қилиниши мумкин.