Сенегал фуқароси бўлган ишсиз муҳожир Нгаме Испанияда рождество муносабати билан ўтказилган лотереяда 400 минг евро ютиб олди. Бу ҳақда Guardian нашрида ёзилган.

Қайд этилишича, 35 ёшли бу шахс 1600та ютуқли чипталардан бирининг эгаси бўлиб чиқди. У бу чиптани ўз рафиқаси билан вақтинча яшаб турган жойида, Испаниянинг Альмерия вилоятида сотиб олганди.

"Мен ўз кўзларимга ишона олмаяпман. Бизда шундай кунлар бўлгандики, иккимиз учун 5 евро пул топилмасди. Энди эса шунча пул", дея ўз хурсандчилигини яшира олмасдан интервью беради бу омадли шахс маҳаллий нашрларга.

Маълум бўлишича, у бир қанча вақт олдин ишдан бўшатилган ва иш топа олмай юрганди.

Нашрнинг ёзишича, Нгаме 8 йил олдин Марокашдан ёғочдан ясалган қайиқ орқали Испанияга сузиб ўтишга ҳаракат қилганди. Ушбу қайиқда 65 киши бўлган ва у ортиқча юкни кўтара олмасдан, манзилга етиш арафасида ағдарилиб кетган. Соҳил бўйи қўриқчилари уни ва рафиқасини қутқариб қолишганди. Улар дастлаб Тенерифи оролига жойлаштирилган, сўнг Испаниянинг материк қисмидаги Рокетас-де-Мар шаҳрига кўчиб ўтишган.

Мақола муаллифининг қайд этишича, Испаниядаги El Gordo лотереяси дунёнинг энг машҳур лоторея ўйинларидан бири ҳисобланади.

Охирги 1 йил ичида ташкилотчилар жами 2,2 млрд доллар миқдоридаги маблағни ютуққа қўйишган. Бу лотерея чипталари шу қадар оммалашганки, бу чипталарни кишилар ўз дўстлари ва ҳамкасбларига байрам кунларида совға қилишга одатланишган.