Канаданинг Торонто шаҳри полициячилари шаҳарнинг марказида жойлашган савдо марказларидан бирининг кираверишида йўловчига мачете билан ташланган (узун ҳанжарсимон пичоқ) эркакни қўлга олишди, деб хабар бермоқда CBC News телеканали.

Полиция сержанти Дэфл Коррнинг айтишича, жабрланувчи 30 ёшли эркак бўлиб, у оёқ ва бошидан мачетедан зарба олган.

Таъкидланишича, жабрланувчи шифохонага етказилган, айни дамда унинг ҳаёти хавф остида эмас. Жиноят сабаблари ўрганилмоқда. Қўлга олинган эркакнинг шахси ошкор этилмаган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, воқеанинг бошқа бир гувоҳи босқинчининг эътиборини ўзига чалғитган, шунинг эвазига жабрланувчи қочиб қолишга муваффақ бўлган. Унинг айтишича, босқинчи фақат жабрланувчига ҳужум қилган, қолганларга таҳдид қилмаган.