Қашқадарё вилоятидаги Бешкент канали қайта реконструкция қилинди

Ўзбекистон 24 Декабрь 2015 2384

Қарши шаҳридаги Чақар, Чармгар, Ҳарамжўй, Махсумобод, Геолог, Мағзон ва Қиличбек-қўрғонча маҳаллалари ер майдонларини сув билан таъминлаш имконини берувчи Бешкент канали қайта реконструкция қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Хабарда келтирилишича, мазкур реконструкция ишлари давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.

“Равшан” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан каналнинг 4,6 километрлик қисми реконструкция қилинди, 1,7 километрига лоток ётқизилди. Бу Қарши шаҳридаги Чақар, Чармгар, Ҳарамжўй, Махсумобод, Геолог, Мағзон ва Қиличбек-қўрғонча маҳаллаларининг 500 гектар ер майдонини сув билан таъминлаш имконини беради.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “К-37-4” коллектори, Косон, Ғузор ва Миришкор туманларидаги 50,3 километр узунликдаги ёпиқ дренажлар, Нишон туманидаги “Д-13”, Қарши туманидаги “Дашт” коллекторларида тиклаш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари якунланди.

Кўпроқ янгиликлар