Россия билан Туркия ўртасида Су-24 ҳарбий самолёти уриб туширилиши сабабли муносабатларнинг ёмонлашишидан кейин юз берган қисқа танаффусдан кейин Россия Туркияга яна ғалла етказиб беришни бошлади, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Россия дунёда буғдой етказиб берувчи энг йирик экспортчилардан бири, Туркия эса Россиядан буғдой сотиб олувчи йирик харидорлардан бири ҳисобланади. Икки томон бир неча ҳафта Су-24 воқеасидан кейин янги шартномаларни тузишдан бош тортаётган эдилар. Бироқ, таҳлилчиларнинг айтишича, айни пайтда ушбу бизнес нормал ҳолатга қайтди.

Агентликка россиялик трейдерларнинг маълум қилишича, Туркияга ғалла етказиб берилиши бошлангандан кейин Москвадан ҳанузгача ҳеч қандай, ҳаттоки оғзаки эътирозлар билдирилмаган.

Туркия Россия буғдойини сотиб олишни давом эттирмоқда, чунки у француз буғдойидан арзонроқ, украин буғдойидан эса юқорироқ сифатдалиги билан фарқланади.

Таъкидланишича, Туркия июндан ноябргача Россиядан 1,7 млн тонна буғдой импорт қилган. Бу кўрсаткич бўйича Туркия Россия буғдойини импорт қилувчи 2-рақамли давлат ҳисобланади.